“Авиакомпания ҳақиқатан ҳам иш ҳақи тўловлари муддатларига таъсир кўрсатган молиявий чақириқларга дуч келди”, – дейилади ташувчининг 29 сенятбр кунги баёнотида.
Air Samarkand изоҳига кўра, 2025 йил баҳор-ёз ойларида компаниянинг барча самолётларига режадан ташқари техник хизмат кўрсатишга тўғри келган, “бу эса қисқа муддатларда сезиларли ва режалаштирилмаган харажатларни талаб қилган”. Компания бунинг учун ходимларидан узр сўраган.
Баёнотда иш ҳақи бўйича қарздорликни имкон қадар қисқа муддатда қоплаш “раҳбарият олдидаги устувор вазифа” экани таъкидланган. Бунинг учун инвесторлар, буюртмачилар ва ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаётгани айтилган. Шунингдек, барча самолётлар тўлиқ техник кўрсатиш циклидан ўтказилиб, авиакомпания штат режимида фаолият юритаётгани ва хавфсизлик меъёрларига мувофиқ ўртача суткалик парвоз кўрсаткичлари таъминланаётгани қайд этилган.
Меҳнатга ҳақ тўлашда ходимнинг қайси давлат фуқароси экани, лавозими, иш стажи ва бошқа омиллардан қатъи назар, ёндашув барчага бир хил, дея қўшимча қилган Samarkand Air.
27 сенятбр куни “SHOT” Telegram-канали берган хабарга кўра, Россиянинг 50 га яқин фуқароси Ўзбекистоннинг Air Samarkand авиакомпаниясини “3 ойдан бери” маош тўламаётганликда айбламоқда.
“Бир неча ойдан буён ходимларга егулик учун ҳам пул берилмаяпти, ваҳоланки ёзда ҳам махсус рапорт орқали бундай имконият бор эди. Ходимлар турар жой ижараси учун ҳам пул берилмаётганини айтишмоқда. Шунга ўхшаш ҳолат баҳорда кузатилган, лекин ўшанда борт кузатувчилари, учувчилар ва бошқа ходимлар масалани ёпиб, ўз маошларини ола олишган”, – дейилади “SHOT” хабарида.
Air Samarkand авиакомпанияси 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, 2024 йилдан бошлаб бир нечта халқаро йўналишларда мунтазам авиақатновларни амалга ошириб келмоқда.
“Sam Air” МЧЖнинг 51 фоизига Бахтиёр Фозилов, 49 фоизига Баҳодир Ғафуров эгалик қилади. Фозилов, шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортини ишончли бошқарувга олган “Air Marakanda” МЖЧга ҳам аффилланган.
Фозилов эгалик қиладиган бир қатор компанияларда, хусусан Enter Engineering'да вақти-вақти билан ойлик маошлар кечикиши ҳолатлари кузатилиб туради.