Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари Дилфуза Тошматова томонидан маҳаллалардаги фаоллар пахта теримига мажбурланмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га видео ва аудиоматериаллар келиб тушди. Ҳоким ўринбосари фаолларни “виждонсизлар” деб атаган.
Дилфуза Тошматова ҳар бир фаол 5 нафардан одам олиб чиқиши зарурлигини, 150 нафар одам далани “ямламай ютиши кераклигини” билдирган.
“Нима ҳурматингни қилса ўзингдан кетасанлар? Қани муносабат билдирганинг? Келаётганлар, ҳамманг тез-тез бўл, хабарингни бер. Мен ҳозир рўйхат қилишим керак. Тушликкача неча киши, қанча кило терамиз, ҳозир ҳисоб-китоб олиняпти.
Ҳокимнинг ўзи ҳам келяпти ҳозир махсус. Хотин-қизлар даласи ўша. Алижонга боряпмиз. Ўша фермердан терамиз. Ҳозир эртангини ҳам ташкиллаштиряпти. Йўқлама менда бўлади. Баҳона, ўйин қилманглар.
Норма бештадан одам. Эртага 150 нафар одам далани ямламай ютиши керак. Мана бу фермер қочиши керак биздан. Керакмас, бошқа келмасин, деб йиғлаши керак. Бу нарсага эришиш учун одам кўпайтириш керак”, деган ҳоким ўринбосари.
Шунингдек, Дилфуза Тошматова пахта даласида туриб, фаолларни виждонсиз деб атаган.
“Эртароқ келиб нормангни қилсанглар эртароқ кетамиз ҳаммамиз. Нима ҳали ҳам ҳеч ким йўқ?! Аёлмисан-йўқми, ноинсоф? Виждонсиз! Келсанг кел, мана бу ёққа тез-тез, ишлагинг келмаса, йўқол, кет”, деган у.
Ҳоким ўринбосари ариза ёзиб кетадиганлар “донолик қилмасдан” кетавериши мумкинлигини, олиб ўтирмаслигини айтган ва агар бунақа қила олишмаса “ишни қилишни” талаб қилган.
Маълумот учун, Дилфуза Тошматова 2022 йилдан буён Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими лавозимида ишлаб келади.
«Оқ олтин» балоси: Ўзбекистонда пахта қуллиги тарихи, оқибатлар ва бугунги кун ҳақида
KUN.UZ