Ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари ўзгаради
1 ноябрдан бошлаб, ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари ўзгармоқда. Бу ҳақда президентнинг “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилган.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан эътиборан, ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:
- ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
- 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;
- 2– ва 3– ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.
Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.
Шунингдек, фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар фақат қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиради:
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
- Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари;
- муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
- ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар.
Бунда мажбурий захиралаш ходимларнинг умумий сонининг уч фоизидан ошмаслиги керак. Мажбурий захиралаш ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланади. Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар учун ушбу талаб ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланади ва ходимларнинг умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги керак. Шунингдек мажбурий захирага қўшимча равишда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар ва одам савдоси қурбони бўлган шахслар ҳам киради.
Бундан ташқари, фармон билан 2025 йил 1 ноябрдан эътиборан, малакасини ошириш ва касбга қайта тайёрланиш истагидаги шахсларга қўшимча таълим олиш учун «Касб ваучери» бериш тартиби жорий этилиши белгиланган. «Касб ваучери» ссуда кўринишида берилади. Шахс ўқишни тугатиб сертификат олгач, ишга жойлашганидан сўнг, 2 йил давомида ссудани Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига қайтаради.
Айрим фуқаролар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади
2025 йил 8 сентябрда давлат раҳбарининг “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди.
Ҳужжатга асосан 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари ЯИДХПда уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади. Жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади. Ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- ДХМга мурожаат қилинганда пенсионерларга, ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
- жисмоний шахсларни Ягона идентификация тизимида (OnelD) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби жорий этилади;
- автомототранспорт воситаси эгасининг маълумотлари ўзгарганда эганинг хоҳишига кўра автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза ФҲДЁ органи ёки ДХМ томонидан композит тартибда ички ишлар органларига юборилади;
- давлат хизматлари марказларига ЯИДХП орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
- ЯИДХП, ДХМ ва “Лицензия” АТ орқали келган аризалар асоссиз рад этилганда давлат хизмати учун ундирилган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловларнинг бир қисми ваколатли органлар томонидан фуқароларга қайтарилади.
Аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш бошланади
1 ноябрдан аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 2025 йил 19 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилган.
Ҳужжат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитага 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ишларини ташкил этишни таъминлаш топширилган.
Ушбу тоифаларга қуйидагилар киради:
- «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчи ногиронлар ва боқувчиси йўқ қариялар, Тошкент, Самарқанд ва Урганч шаҳарларидаги болалар маҳаллаларида яшайдиган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
- чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар, контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар бўлган ва уларнинг ёпиқ ҳудудларда яшаётган оила аъзоси бўлган респондентлар, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари;
- қамоқхоналар, қамоқда сақлаш жойлари, тергов ҳибсхонаси (изоляторлар), ахлоқ тузатиш муассасаларида сақланаётган шахслар ва ҳарбий таълим муассасалари курсантлари;
- тергов ҳибсхонаси (изоляторлар), ахлоқ тузатиш муассасаларида сақланаётган шахслар ва ҳарбий таълим муассасалари курсантлари;
- Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилган фуқаролар;
- руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, бошқа касалликлар бўйича даволаш муассасаларида доимий яшовчи фуқаролар;
- диний муассасаларда (черковлар, масжидлар) яшайдиган ёки таҳсил оладиган респондентлар.
Автомобилга газбаллон ўрнатилганидан кейин техпаспорт алмаштирилмайди
1 ноябрдан бошлаб автомобилга газбаллони ўрнатилганда техпаспортни алмаштириш шарт бўлмайди. Бу давлат раҳбарининг 2025 йил 16 сентябрдаги “Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб киберхавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади.
Шунингдек, ҳудудларда маҳалла ва манзиллар бўйича маълумотларни юритишда ягона ёндашувни йўлга қўйиш мақсадида 1 ноябрдан бошлаб Маҳаллаларнинг марказлашган реестри давлат органлари ва ташкилотларининг «Рақамли ҳукумат» тизими билан интеграциялашган ахборот тизимлари ва ресурсларида мажбурий тарзда қўлланиши таъминланади.
Бундан ташқари, қарорга кўра 2025 йил 1 ноябрдан:
- давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона портал орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади;
- фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда тадбиркорлик субъектларига сув тақсимлаш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар «Сув ҳисоби» сув ресурсларини бошқариш ягона тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади;
- транспорт воситасига газбаллони ўрнатилганига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади;
- «Рақамли стартаплар» дастури ва (ёки) Марказий банкнинг «тартибга солиш қумдони»да иштирок этувчи стартап лойиҳаларга «Рақамли ҳукумат» тизимининг Рақамли маълумотлар платформасидан ахборот хавфсизлиги талаблари ва белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда бир йил муддатга қадар бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади;
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари (консуллик муассасалари) орқали жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олган IT-парк резидентларининг хорижий мутахассислари учун масофадан туриб банк ҳисобварақлари ҳамда виртуал банк карталарини очишга рухсат берилади.
Бошқа ўзгаришлар
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш мақсадида давлат санитария назорати органи тизимидаги аккредитация қилинган лабораторияларда ўтказиладиган барча синовлар баённомалари электрон кўринишда «E-akkreditatsiya» ахборот тизимининг «E-laboratoriya» модули орқали расмийлаштирилади ҳамда ушбу органнинг расмий веб-сайтида хулосаси расмийлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ягона онлайн реестри юритилади;
- маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича шартнома асосида адвокат сўровига кўра суд-экспертиза ташкилотларида экспертиза ўтказиш тартиби жорий этилади;
- корпоратив низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш, судлардаги юкламани камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши таркибида Корпоратив этика бўйича комиссия ташкил этилади;
- умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нақд пулга харид қилинганда, ушбу товарлар учун кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади;
- рақамли платформалар орқали масофавий биометрия воситаси ёрдамида идентификация қилиш ва мобил телефон рақамига СМС-хабар юбориш йўли билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш имконияти яратилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказлари фаолияти тугатилади;
- ўрмон фонди ер майдонлари алоҳида муҳофаза этилади ва уларнинг тоифасини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади;
- ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси амалиётга жорий этилади.
Kun.uz