Миграция агентлиги фуқароларни лицензиясиз хорижга ишга жўнатиш билан шуғулланаётган компаниялардан огоҳлантирди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги 252-сонли қарорига мувофиқ, фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш фаолияти билан Миграция агентлиги шуғулланади. Шунингдек, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, фақат Миграция агентлиги томонидан лицензия берилган хусусий бандлик агентликлари ушбу фаолият билан шуғулланишга ҳақли.
Миграция агентлиги томонидан ўтказилган назорат тадбирларда «баъзи бир ишбилармонлар»нинг ижтимоий тармоқлардаги эълонлар орқали консалтинг ёки ахборот хизмати ниқоби остида фуқаролардан пул йиғиб хизмат кўрсатмагани ҳамда лицензиясиз хорижга ишга жўнатиш билан шуғулланаётгани аниқланган. Ушбу жамиятларга нисбатан қуйидаги таъсир чоралари қўлланган:
«Лицензиясиз ташкилотлар орқали хорижда ишга жойлашишга уриниш молиявий ва ҳуқуқий хавф-хатарга дучор бўлишига олиб келади», – дея огоҳликка чақиради Миграция агентлиги.
Расмий рўйхатдаги агентликлар билан ҳамкорлик қилиш, ҳар қандай шартномани имзолашдан олдин уни синчиклаб ўқиб чиқиш, шубҳали тўловларни амалга оширмаслик сўралган.
Kun.uz бунга қадар ADWorld ҳақида бир нечта суриштирувлар чиқарган эди. Хусусан, машҳур блогерлар ёрдамида ўзини реклама қилиб, мижозларни тўплаган фирма киши бошига салкам 6 млндан 26 млн сўмгача тўлов қилдирган, аммо бу тўловга яраша шартномавий хизматларини кўрсатмаган. Фуқаролар пулларини қайтариб ололмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилганди.
Хорижга ишга жўнатиш ваъдаси билан лицензиясиз фаолият юритиб, юзлаб одамларни чув туширган мазкур фирма мансабдорларига нисбатан тергов кетмоқда, хусусан, фирма раҳбари Дилмурод Юсупов қамоққа олинган.
Рақобат қўмитаси эса блогерлар Отабек Жўраев ва Абдураҳмон Абдураҳмоновни лицензияси йўқ фирмани реклама қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортгани ҳақида маълум қилган.
Источник: KUN.UZ