Пахта етиштириш жараёнида мажбурий меҳнатнинг алоҳида ҳолатлари сақланиб қолаётгани Ўзбекистонда ушбу соҳа ҳали-ҳамон қандай бошқарилаётгани борасида чуқур тизимли зиддиятлар мавжудлигини кўрсатади. Механизациялаш масаласи кўпдан бери ечим сифатида тилга олинаётган бўлса-да, амалдаги бошқарув усуллари ва иқтисодий босимлар туфайли мажбурий меҳнат хавфи тўлиқ бартараф этилмаган.
Сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон ўзининг салбий номи билан танилган пахта соҳасини ислоҳ қилиш устида ишлаб келмоқда. Илгари бу соҳа давлат томонидан бошқарилган дунёдаги энг йирик мажбурий меҳнат тизимларидан бирига таянган эди. Бироқ 2025 йилги пахта терими шуни кўрсатдики, давлатнинг соҳани маъмурий усулда назорат қилиши ва ислоҳотларнинг тўлиқ якунланмагани ҳали-ҳамон эски амалиётларни сақлаб қолмоқда. Хусусан, ихтиёрий равишда далага чиқишга тайёр одамлар етарли бўлмаганда, аҳолини пахта теримига мажбурлаш ёки уларни ўрнига одам ёллаш учун пул тўлаш талаб қилинаётган ҳолатлар учрамоқда.
Шуни тан олиш керакки, Ўзбекистон пахта теримида ҳукумат томонидан ташкил этилган марказлашган мажбурий меҳнат тизимини бартараф этиш йўлида сезиларли ютуқларга эришди. Бироқ мажбурлашга асосланган айрим амалиётлар тўлиқ йўқ қилингани йўқ.
Фермерлар етиштирган пахта хусусий корхоналарга яъни пахта кластерларига топширилаётганига қарамай, давлат терим жараёнини яқиндан назорат қилишда давом этмоқда. Ҳозирга қадар маҳаллий мансабдорлар иштирокида ҳар куни йиғилишлар ўтказилиб, фермерлардан умумий ишлаб чиқариш режасининг тахминан 4 фоизига тенг кунлик терим меъёрини бажариш талаб этилмоқда.
Маҳаллий ҳокимиятлар ҳукуматнинг ўзаро зиддиятли пахта ишлаб чиқариш тизими ичида қолиб кетмоқда. Расман мажбурий меҳнат тақиқланган бўлса-да, вилоят ва туман ҳокимларидан давлат томонидан олдиндан белгиланган ишлаб чиқариш режаларига мувофиқ, ҳатто ихтиёрий теримчилар етишмаётган шароитда ҳам, қисқа вақт ичида юқори натижалар кўрсатиш талаб этилмоқда. Кунлик пахта терими режасини бажара олмаслик учун жазо чораларидан қочиш мақсадида, мажбурий сафарбарлик ягона амалий ечим сифатида кўрилаётгани, ўз навбатида, бундай ҳолатлар фош этилган тақдирда жавобгарликка олиб келмоқда.
Давлат ташкилотлари ходимларини сафарбар қилиш
2025 йилги пахта терими 1 ноябр куни якунланди. Ҳукумат режалаштирилган қарийб 3,7 миллион тонна миқдор 100 фоиз бажарилганини эълон қилди. Жойлардаги манбаларга кўра, бу мавсум ўтган йилдан катта фарқ қилмаган: айрим ҳудудларда мансабдор шахслар томонидан аҳолини дала ишларига чиқишга босим қилиш ҳолатлари яна кузатилган.
2025 йил октябрь ойида пахта терими авж олган пайтда, Бухоро вилоятида жойлашган Ахборот-кутубхона марказининг 32 нафар ходими пахта теримига чиққан. Бухоро туманидан бир фермер тақдим этган қўлёзма маълумот хатига кўра, кутубхона ходимлари 2025 йил 5 октябрь куни жами 1 503 килограмм пахта терган.
Маҳаллий ОАВ томонидан саволлар берилгандан сўнг, кутубхона маъмурияти 32 нафар ходим имзолаган ёзма жавобни тақдим этди. Унда улар “қўшимча даромад олиш мақсадида, дам олиш кунида, ихтиёрий равишда дала ишларига чиққанини” билдирган. Бироқ иш жамоатчиликка ошкор бўлганидан кейин, Давлат меҳнат инспекцияси мазкур даъвони ишончли деб топмади шекилли марказ раҳбарини “меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш” учун маъмурий жавобгарликка тортди. Бу ҳуқуқбузарлик жарима қўллашни назарда тутади.
Аввалроқ, сентябрь ойи ўртасида, ОАВ терим жадвалидан ортда қолаётган ҳудудларда давлат муассасалари ходимлари пахта теримига юборилаётгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, Қашқадарё вилоятида туман сув таъминоти бўлими ходимларидан бири саккиз нафар ҳамкасби тундаёқ пахта теримига сафарбар этилганини айтган. Бошқа ҳудудларда эса қишлоқ хўжалигига алоқаси бўлмаган давлат идоралари раҳбарлари фермерларга режани бажаришда ёрдам бериш учун “масъул вакил” этиб тайинланган. Улар ҳар кеча бажарилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этишга мажбур бўлган.
Айниқса ўта фожиали ҳолатлардан бирида, Нишон туманидаги газ корхонаси раҳбари 3 октябрь куни шундай кечки йиғилишлардан бирида қатнашгандан сўнг, автоҳалокатда ҳалок бўлган. Қўшимча вазифалар юкидан қаттиқ чарчаган ҳолда, у рулда ухлаб қолган бўлиши мумкин.
Банк ходимлари ҳам жимгина дам олиш кунлари пахта теримига чиқиш ёки ўрнига одам ёллаш учун пул тўлашга мажбур қилинган. Блогер ва собиқ банкир Отабек Бакировнинг ёзишича, шусиз ҳам иш юки оғир бўлган қуйи бўғин банк ходимлари бундай ҳолатлардан ҳеч қачон очиқчасига шикоят қилмайди. Чунки топшириқлар оғзаки берилиб, ишдан айрилиш хавфи реал ҳисобланади.
Мажбурий меҳнатга оид бундай алоҳида ҳолатлар Ўзбекистонда пахта ишлаб чиқариш ҳали-ҳамон қандай бошқарилаётганида чуқур тизимли зиддиятлар мавжудлигини кўрсатади. Терим мавсуми бошида кўплаб фермерлар ихтиёрий теримчиларни жалб қилиш учун етарли даражада юқори ҳақ таклиф қила олмайди. Инфляция ва яшаш харажатларининг ошиши натижасида пахта теримига рози бўлганлар сони сезиларли даражада камайган: одамлар кўпроқ ҳақ тўланадиган бошқа мавсумий ишларни танламоқда.
Фермерларга, айниқса пахта етиштириш иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлмаган ҳолатларда, уни экиш ёки экмасликни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқини бериш ўрнига, мансабдорлар соҳада йиллар давомида сақланиб қолаётган ишчи кучи етишмовчилиги муаммосига бошқа ечим қидирмоқда. Бу пахта теримини механизациялашни кенгайтиришдир.
2025 йил охирига келиб, Шавкат Мирзиёев 2026 йил учун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий устувор йўналишларни белгилаб берди. Улар қаторига 2026 йилгача “76-схема” деб аталувчи тизим асосида барча 891 минг гектар ер майдонида пахта етиштиришни жорий этиш ҳам киритилган. Ушбу схема далаларни тўлиқ механик теримга мослаштиришни назарда тутади. Мазкур режага кўра, ҳукумат Ўзбекистонда етиштириладиган жами пахтанинг 85 фоизини машина ёрдамида теришга эришишни мақсад қилган.
Давлат назорати
Оммавий механик теримни жорий этиш ҳукумат 2021 йилдан бери деярли тўхтаб қолган ислоҳотларни янада мазмунли тарзда илгари суришни кўзлаётган бўлиши мумкинлигидан дарак беради. Бироқ Ўзбекистоннинг пахта соҳаси ҳали-ҳамон давлатнинг қатъий назорати остида қолмоқда ва у ўз қишлоқ хўжалиги стратегиясида белгилаб берилган ислоҳотларни амалга оширишга содиқдек кўринмайди. 2020–2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси 2023 йилнинг биринчи чорагига қадар “давлат томонидан мажбурий экин тақсимоти амалиётидан воз кечиш”ни назарда тутган эди. Аммо бу ҳалигача амалга оширилмади.
2020 йилда Шавкат Мирзиёев пахта ишлаб чиқариш ҳажми ва нархларини давлат томонидан белгилаш бекор қилинишини назарда тутувчи фармонни имзолаган. Амалда эса давлат фермерлардан шартномаларда кўрсатилганидек, муайян ер майдонларида белгиланган ҳажмда пахта етиштиришни ҳануз талаб қилмоқда. Фермерларга пахта учун ажратилган ерларда балки кўпроқ даромад келтирадиган бошқа экинларни экишга рухсат берилмайди. Расмий маълумотларга кўра, ўзбек пахтасининг нархи жаҳон бозори кўрсаткичларига боғланган. Бироқ сўнгги уч йил давомида бу нарх деярли ўзгармаган. Шу давр ичида жаҳон бозорида пахта нархлари пасайиб бориб, бу эса Ўзбекистон фермерлари учун пахта етиштиришни тобора кам даромадли қилиб қўймоқда.
Ҳукуматнинг пахта соҳаси устидан назоратни қўлдан чиқармасликка бўлган мойиллиги чуқур ва тарихий муаммони акс эттиради. Бу ҳолат совет давридан қолган, режаларни мажбурий белгилашга асосланган усулларни сақлаб қолмоқда. Бундай тизимда муваффақият фермерлар учун бозор самарадорлиги ёки даромадлилик билан эмас, балки етиштирилган пахта ҳажми — тонна билан ўлчанади.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари, жумладан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва сувни тежайдиган технологияларни молиялаштиришда давом этаётган тараққиёт банклари учун бу хулосалар жиддий ташвиш уйғотиши керак. Қоғоздаги ислоҳотлар етарли эмас. Ўзбекистон ниҳоят марказлашган квота тизимидан воз кечиб, мажбурий меҳнатга эҳтиёж қолдирмайдиган ҳамда фермерларга эркин ишлаш ва даромад олиш имконини берадиган қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини амалга ошириши керак.
Умида Ниязова, “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек Форум” ташкилотининг ижрочи директори
Ушбу мақола The Diplomat нашрида эълон қилинган бўлиб, унинг таржимаси тақдим этилмоқда.






