21.01.2025 / O'zbekiston

Қачон халқ бўласан, эй, сен – оломон?

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

                                  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 19-модда.

Исм-фамилиясини сир тутишимизни истаган Тўрткўллик фуқаро И.Ж. оилавий шароитга кўра бир неча йилдан буён Тошкентда тирикчилик қилади. Онаси бетоб. Йигит ҳозирда оиланинг ёлғиз боқувчиси. У ўтган йили январь ойида Сергели тумани деҳқон бозори ёнидаги дорихонага машинасини 5 дақиқага тўхтатиб, дори олишга кирган. Чиққанида 3 нафар Ички ишлар ходими машинасини суратга олаётганини кўрган. Йигит суратга олмасликларини, онасига дори олиш учун ноилож тўхтатагани ва кетишини айтади. Аммо, ходимлар илтимосу яхши гапни тушунмайдилар, у билан ади-бади айтишиб, вақтини оладилар, “ҳужжатларингни тақдим қилмасанг, группа чақирамиз” деб қўрқитадилар. “Ўзинг Қорақалпоқдан экансан, нимага жанжал қиласан, ҳаммани ўзингга қаратасан?” деб уни камситиб, катта жарима қўллашларини айтиб асабийлаштирадилар.

-Майли, расмга олса олибди, жарима қўллаш керак бўлса қўллайверсин, нега мени камситиб, ҳақоратлашади, стресс ҳолатга тушишга мажбур қилишади?, - дейди И.Ж.

Йигит “Хўп, жарима бўлса жарима-да” деб кетмоқчи бўлади, аммо ходимлар кетишга ҳам қўйишмайди.

-Бозор ён-атрофлари, маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларининг олди, қўйингки, ҳамма жой пуллик! Ким беш дақиқа учун аллақанча жойни айланиб, тўхташ жойига кириб чиқади? Жарима эса отнинг калласидек. Инсоф ҳам керак-ку. Инсонда ҳар-хил вазият бўлади, ҳозирги кунда тўғрисини айтсам, моддий жиҳатдан қийналяпман. Бу ерда Ички ишлар ходимлари шу йўл билан пул ишлаётгандир балким, лекин оддий фуқароларни давлатга, келажакка бўлган ишончини сўндиришяпти, афсус! – дейди И.Ж.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 1-боб, 6-бандида транспорт воситаларининг тўхташи, тўхтаб туришига изоҳ берилган. Унга кўра, тўхташ — транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатиш (ҳаракатсиз ҳолатга келтириш) қоидабузарлик ҳисобланмайди. И.Ж. нинг таъкидлашича, дори сотиб олиш учун кетган вақти 5 дақиқага ҳам бормайди, аммо Ички ишлар ходимлари қасддан жарима ёзиб юборишган.

Шундай қилиб, йигитнинг онасига дори олиш учун мажбуран тўхташи -моддий жиҳатдан қийналиб яшаётган оила бюджетига 680 минг сўм зарар келтирди.

Иш-ку жарима билан битди, бироқ “қорақалпоқ экансану” деб камситиб айтилган, фаросатсиз ходимлар етказган сўз жароҳати неча йиллар ўтса-да, битармикан?

-Нима бўлганда ҳам маҳаллийчилик қилиб “сен у ердан, мен бу ердан” қабилида бировни камситмасликлари керак. Чунки, ҳаммамиз бу дунёга келгиндимиз. Қорақалпоғистонлик бўлсам, нима бўпти? Тошкентда ўз ҳақ-ҳуқуқим учун курашмаслигим керакми? Ҳуқуқим бузилса, эркинлигимни чеклашса, қасддан жарима ёзишса, таъмагирлик қилиб, пул бермаганим учун қўрқитишса, буни қандай тушуниш мумкин? – дейди мурожаатчи. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 22-23-моддаларига кўра, Республиканинг бутун ҳудудида ягона фуқароликдир ва Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

 Бош қомусимизда хақ-ҳуқуқларимиз мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, кейинги пайтларда мамлакатимиз, хусусан пойтахт Тошкентда маҳаллийчилик, миллатчилик туйғулари негадир авж ола бошлади. Биргина Тошкентликларгина эмас, ҳатто вилоятлардан келган, кимлигини, ўзлари ҳам келгинди эканликларини унутиб қўйганлар ҳам талаффузи салгина бошқачароқ бўлган юртдошларни менсимайдилар, айрича муносабатда бўладилар. Афсуски, бу дискриминация очиқ-ошкора бўлмаса-да, яширинча кенгайиб бормоқда. 

Тўрткўллик Сафия 39 ёшда. Унинг шахсий ҳаётда омади чопмади. Оилавий қийинчиликлар, ногирон ота-онасига елка тутиш асносида у турмуш қуришни кечиктирди. Тумандаги 1-мактабда таҳсил олган Сафия ўзбек, туркман, қорақалпоқ, немис, инглиз тилларини билади. Онасининг истаги билан тиббиёт билим юртини тамомлаб, ҳамшираликни эгаллаган. Аввалига Наркология диспансери, сўнг Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам бўлимида ишлаб юрган қиз тақдир тақозоси билан Тошкентга кўчиб келди. Жамиятда ўз ўрнини эгаллаш, соҳаси бўйича пойтахтда ишлаб, орзуларини рўёбга чиқармоқчи бўлди.

- Ишга кирмоқчи бўлиб бормаган идорам, мурожаат қилмаган ташкилотим қолмади. Республика Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига бордим, мени қабул қилган вакилга ҳолатимни тушунтирдим. “Ота-онам ногирон, ишламасам бўлмайди, уй ижараси, дори-дармонга пул керак, жуда қийналяпман” деб айтдим. Вакил эса, “Пул бераман, демадингми?” дейди. Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ходими шунақа деб турса, бошқалардан нима кутиш мумкин? “Балиқ - бошидан чирийди”, деб шунга айтишар экан-да. Сергели туман ҳокимиятига ҳам бордим. “Биз сизга иш топиб беролмаймиз, бунга мажбур ҳам эмасмиз!” деб айтишди. Сўнг Чоштепадаги 65-поликлиникага ишга кириб бир ҳафта ишладим. Поликлиникадаги шифокорлардан бири сурбетларча “пулинг бўлмаса сени ҳеч ким ишга олмайди” деди. Қаерга борсам шундай муомала, сурбетликка дуч келдим.

Сафия тиришиб-тирмашиб бир-икки тиббий муассасаларга ишга жойлашади, 3 кун, баъзи жойда 10 кун, яна бир муассасада 23 кун меҳнат қилади. Бироқ, 10 йилдан ошиқ тиббий малакага эга ҳамширани чиқиштиришмайди. Арзимас сабаб ва инжиқликлар билан уни ишдан четлатишади.

-2024 йил 11 ноябрь куни поликлиникалардан бирига ишга бордим. 26 ноябргача лаборант бўлиб ишладим. Қўлимга 100 минг сўм пул беришди. Шу даражада расво бўпкетганми Тошкент? Декабрда Сергелидаги аптекага ишга кирдим ва 23 кун ишладим. Шамоллаб мазам бўлмаганда 2 та “Цитрамон” ва битта “Тайлол Хот” олиб ичганим учун иш юритувчи йигит мени нари обориб-бери обкелди. Онаси тенги аёлни ҳақоратлаб уришди. Телефонда видеога олмоқчи бўлдим. Қўлимни қайириб, телефонимни олмоқчи бўлди. Аптекани ичидан судраб олиб чиқиб, кўчага улоқтирди. Ахир, меҳнатим сингиб, шу совуқларда ишлаяпман. Қиймати 10-15 минг сўм турадиган доричалик қадри йўқми инсонни? - дейди Сафия.

Сафия Саатова мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар органларига мурожаат қилган, иш судгача борган, аммо судья ортида ҳеч ким бўлмаган оддий жабрланувчи аёлнинг қонуний талабларини қондирмаяпти, камера ёзувлари мавжуд бўлсада, унга жисмоний куч ишлатган аптека ходимига, ғайриинсоний муносабатда бўлган ва меҳнат ҳуқуқларини бузган “Сити фарм” раҳбариятига нисбатан ҳеч қандай чора кўриб беролмаяпти.

 - Тошкентда ҳаммаёқ таниш-билиш, бунинг устига маҳаллийчилик бўпкетибди. Аптекага ишга кириш учун борганимда “туркманман” десам, бир аёл “вой, бошланди!”, деди. “Нима бошланяпти экан? Миллатим туркман бўлсада, Ўзбекистон фуқаросиман”, дедим. Сўнг жаҳлим чиқиб, “ҳужжатларимни беринг, мен ишламайман, уже ясно” деб чиқиб кетдим. Бу ерда чет вилоятдан бўлсангиз, одам ўрнида кўришмас экан. Мени хафа қилган жиҳати: қаерга бормай, “Қорақалпоқданман” дейишим билан юз фоиз ўзгарадилар, “йўғ-е”, деб энсаси қотиб қарайдилар, ишимдан айб топишга, четлатишга ҳаракат қиладилар. Мен ҳам битта жойда муқим ишлашни хоҳлайман, аммо қаерга бормай тўсиқ, айрича қараш ва камситишга дуч келаяпман, - кўз ёшлари юзини юваркан, сўзлайди Сафия.

Мана бир йилдирки, Сафия Тошкентда муқим иш жойига эга бўлолмаяпти. Ўзининг айтиши бўйича, жамиятдаги тенгсизлик, маҳаллийчилик, непотизм, одамларнинг ижтимоий келиб чиқишингга қараб муомала қилишлари унинг яшашга ва курашишга бўлган иштиёқини сўндирган.

- Адолатсизликни кўрсам чидолмайман, шартта юзига айтаман, у ким бўлишидан қатъий назар. Менимча шу табиатим хўжайинларга ёқмаяпти. Шунинг учун мени камситиб, ҳар бир ишимдан айб ахтариб, шевамни мазах қилиб, “гапларингизни тушунмаяпмиз” деб устимдан кулишяпти. Энг қийин ишларни қилдириб, югуртириб, сарсон қилиб, камига иш ҳақимни бермай ҳайдашяпти. 3 кундирки, ухлолмаяпман. Эртага ижара пулини қандай тўлайман, нима еб-ичаман?

Ҳозир малакали ҳамшира кўчаларда атир сотиб, унга-бунга укол қилиб тирикчилик ўтказяпти. У эртанги куни нима бўлишини билмайди. Соҳасида иш топа оладими? Ёки улкан Мегаполисга айланган пойтахт Юҳолари уни ютиб юборадими? Тиббиёт соҳасининг “бўрилар”и уни “келган жойингга йўқол!” деб тўдалашиб ҳайдашадими ё? Билмайди!

Билгани, у Тошкентни яхши кўради, Ўзбекистонни яхши кўради. Ўзини шу юртга, шу элга керакли деб ҳисоблайди.

Ичимиз тор, фикрлашимиз сийқа.

Ўзга юртларда бизни қул қилмоқчи бўлганларга пахта қўйиб, хизматини қилиб бошимизга кўтарамизу, ўзимизникиларни хўрлаймиз.

Бир давлат, бир юрт байроғи остида яшаймизу, ўз қавмимизни чиқиштирмаймиз. 

“Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,

Қачон халқ бўласан эй, сен – оломон?” 

деганда Абдулла Орипов қанчалик ҳақ экан.

Токи жамиятимизда урчиган маҳаллийчиликни йўқотмас эканмиз, биз ҳеч қачон буюк халқ бўлолмаймиз.

Халқи бирдам бўлмаган, бир-бирини қўллаб-қувватламаган юртда эса ҳеч қачон ривожланиш бўлмайди.

https://www.facebook.com/share/p/1HUhzbhdQD/