22.09.2025 / O'zbekiston

Суд қарори ҳам ёрдам бермади: Ургутда кластер фермерлар олдидаги қарзини тўламаяпти

Суд қарори ҳам ёрдам бермади: Ургутда кластер фермерлар олдидаги қарзини тўламаяпти
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги фермер судда кластерни ютиб чиқди. Қарор қонуний кучга кирди, ижро варақаси МИБга юборилди. Аммо орадан ярим йил ўтса-да, деҳқон ҳақини ололгани йўқ. Кластер қарздорликни тўламаяпти, давлат органлари эса барибир фермердан солиқ талаб қиляпти.

«XAYDAR XUSHVAQT MEXRIBON» фермер хўжалиги раҳбари Муртазо Хушвақтов Kun.uz’га мурожаат қилиб, маҳаллий кластердан оладиган ҳақини бир неча ойдан бери ололмаётганини маълум қилди.

Фермернинг айтишича, 2023 йилда «UKRACH FAYZ» МЧЖ билан ғалла етиштириш бўйича фючерс шартнома тузилган. Фермер хўжалиги мажбуриятларни бажарган – 30 тонна буғдойни топширган, аммо кластер тўловни ўз вақтида амалга оширмаган.

Шу сабаб 2025 йил март ойида Тойлоқ туманлараро иқтисодий судида иш кўриб чиқилиб, суд «UKRACH FAYZ» МЧЖдан фермер фойдасига 49 миллион 120 минг сўм қарз ва 3,5 миллион сўм пеня ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган.

Фермер қарздор бўлса, кечирилмайди...

Суд қарори қонуний кучга кирганидан сўнг 2025 йил апрел ойида Мажбурий ижро бюросига ижро варақаси юборилган. Бироқ орадан қарийб ярим йил ўтса-да, фермер пулни қўлига олмаган.

Муртазо Хушвақтовнинг айтишича, кластернинг қарзини тўламаслиги фермернинг хўжалик фаолиятига жиддий зарба берган. Шу билан бирга, давлат органлари фермердан солиқ тўловларини тўлиқ талаб қилмоқда.

«Судда ютиб чиқсам-да, ҳақимни ололмаяпман. МИБ ижрони амалга оширолмади. Лекин мендан барибир солиқ ва мажбурий тўловларни кечиктирмасдан талаб қилишмоқда. Агар фермер ўз вақтида топшириқни бажармаганида, унга жарима ёки жазо бўларди. Кластер эса тўламаса ҳам, ҳеч ким унга таъсир ўтказмаяпти», – дейди Хушвақтов.

Кластер яна 16 та фермердан қарздор – МИБ

Kun.uz Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимидан ҳам изоҳ олди. МИБ масъули Феруз Шароповга кўра, «UKRACH FAYZ» МЧЖ нафақат Хушвақтов, балки тумандаги яна 16 та фермер хўжалигидан қарздор. Уларнинг умумий даъвоси қарийб 2,17 миллиард сўмни ташкил этади.

Ижро ҳаракатлари жараёнида корхонанинг банк ҳисобрақамларига банд солинган ва инкассо топшириқномалари берилган. Шунингдек, «UKRACH FAYZ» МЧЖ номидаги барча мол-мулкларга тақиқ қўйилган, бир дона кўчмас мулк биноси хатланган.

Бироқ амалда тўлов ҳали амалга ошмаган. МИБ вакили қонунчиликка асосланиб, шундай тушунтириш берди: “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 80-моддасига кўра, аввал давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар олдидаги қарзлар қопланади. Шундан кейингина ундирилган маблағлар фермерлар каби бошқа талабгорларга мутаносиб равишда йўналтирилади».

Демак, фермерлар суд қарорига эга бўлса ҳам, ўз пулларини қачон олиши кластернинг молиявий ҳолати ва давлат олдидаги қарздорликлари қачон қопланишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ургут тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фируз Бобоев ҳам «UKRACH FAYZ» МЧЖ ҳақиқатан кўплаб фермерлардан қарздор бўлиб қолганини эътироф этди.

Унга кўра, ҳозир фермерлар ушбу кластер билан ҳамкорликни тўхтатган. Бу корхоналар билан фермерларда жиддий муаммо кузатилмаган.

Тизимли муаммо

Ургутдаги вазият фақат бир фермернинг эмас, балки бутун тизимнинг иллатини кўрсатмоқда. Суд қарори чиқса-да, унинг ижроси ойлаб чўзилиши, аввал давлат бюджети қарзлари қопланиши, кейингина фермер навбати келишини кутиш бу – амалда деҳқонни иккинчи даражали қилиб қўйишдир.

Фермер мажбуриятини ўз вақтида бажарса ҳам, ўз ҳақини олиш учун судма-суд юриб, МИБ эшикларида сарсон бўлмоқда. Бу жараёнда энг катта зарарни айнан улар – далада меҳнат қилиб, буғдой етиштирган, аммо ҳақини ололмаётган фермерлар кўряпти.

Оқибатда кластер тизимидан кутилган “самарадорлик” ўрнига, фермерларни ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти, иқтисодий жиҳатдан танг ҳолатга тушиб қолишига масъуллар жим қараб турибди. Агар суд қарори ҳам деҳқон ҳақини таъминлай олмаётган экан, мавжуд кластер тизими ҳам ўзини оқлаётганига шубҳа пайдо бўлади.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири