10.11.2025 / O'zbekiston

“Судядан адолатли бўлишни сўрагандим”: жабрланувчи Гулираъно Қосимова суд залидан чиқариб юборилди

“Судядан адолатли бўлишни сўрагандим”: жабрланувчи Гулираъно Қосимова суд залидан чиқариб юборилди
Қува туманида ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари устидан кўрилаётган ишда жабрланувчи Гулираъно Қосимова суд залидан чиқариб юборилди. Аввалроқ ОАВ вакиллари, хусусан, Kun.uz сайти мухбирининг ҳам иштироки чекланган эди. Г.Қосимова ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат йўллаб, ёпиқ кўрилаётган ишда вилоят Ички ишлар бошқармаси юристлари гувоҳларга таъсир ўтказаётгани, судланаётган ва гувоҳликка чақирилган ходимларни ҳимоя қилишга уринаётгани, раислик қилувчи Авазбек Раҳимовнинг адолатсизлик қилаётгани ҳақида гапирди.  


7 ноябр куни Фурқат тумани ИИБ мансабдорлари устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган ва унда жабрланувчи Гулираъно Қосимова суд залидан чиқариб юборилган.

Суднинг нохолис ва адолатсиз ўтаётганидан норози бўлган Гулираъно Қосимова Sirojiddin media саҳифаси орқали видеомурожаат йўллади. У Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевадан ишнинг холис ўтказилишини таъминлашда ёрдам сўраган. Kun.uz ушбу суҳбатни келтиради:

“Мен Қосимова Гулираъно Баҳодиржон қизиман. Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-мактабда директор бўлиб ишлайман. Мен билан боғлиқ воқеалардан жуда кўпчилик интернет тармоқлари орқали хабардор. Мен ёрдамни администрация раҳбари Саида Шавкатовнадан, кейин Олий суд раҳбаридан сўрайман. Илтимос, менга ёрдам беринглар. Чунки ҳолат ачинарли тус оляпти. Мен суд жараёнларидан мутлақо норозиман. Чунки суднинг ичидаги ҳолат, ўша ердаги камера ёзувлари кўрилса, нимадан норозилигимни тушуниб етасизлар. Сабаби мен ҳозир гапира олмайман, чунки менинг гапиришимга ҳам тақиқ қўйилган.

— Ўша суд жараёнларини сизга айтишга, гапиришга тақиқ қўйилган-а?

— Ҳозирда биласизми, оммавий ахборот воситалари четлатилди суддан. Ёпиқ. “Нима учун, нимага ёпяпсизлар?” деб ҳар гал мен эътироз қилганимда, тезкор ходимларнинг бўлаётган судида уларнинг айтадиган гапи махфий ҳисобланади, шунинг учун суд ёпиқ бўлади, дейишди. Лекин бирор марта у ҳақида гап-сўз бўлгани йўқ судда. Бир қарор ё бир нима ҳақида гапирилгани йўқ судда. Ишонасизми, шу тадбирда қатнашган раҳбаридан тортиб 10 та ходим, 11 киши жами ички ишлар ходими, ҳаммаси телефонини ё сотиб юборган, ё йўқотиб қўйган, ё жиянига берган.

Ичкарида ўша Ички ишлар бошқармасининг иккита юристи, мен ўша очиқ ҳолатдаги суд ҳақида гапиряпман, ойдинлик киритиб кетай. Чунки эртага ҳали бу мурожаатим ҳам менга муаммо бўлиши мумкин. Мен ҳозир судда жабрланувчи эмас, худди судланувчига ўхшайман. У ердаги жараёнлар ҳақида на гапира оламан, на бирор кимга айтоламан унинг ичини.

Сиз ҳаттоки суд залидан ҳайдалибсиз. Нимага?

Суд залидан ҳайдалганимнинг сабаби – мен судяга ҳақиқатан ҳам кўп эътироз қилдим. Биласизми, мен ҳатто қонунларни ҳам қараб чиқдим, эътироз қилишга ҳаққим бор экан. Қайсики, мана, уларнинг адвокати хоҳлаган пайти туриб эътироз қила олади, рухсат ҳам сўрамайди. Олий суд кўрсин шуни, бундай камерани очиб кўрсин, ўша ердаги нарсаларни кўрса, ўзи тушунади нима демоқчилигимни.

— Демак, сиз судга эътироз қилганингиз учун сизни суд залидан ҳайдашди?

— Ҳа, мана, айтдимки, нимага уларнинг адвокатига рухсатсиз ҳам гапиришяпти, бизнинг адвокатларга… Агар “ҳурматли суд, рухсатингиз билан гап бошласам…” деса, “мен сизга ҳали рухсат берганим йўқ” деган ҳолатлар бўлади. Кейин айтяпман, кўринг, мана, орқада судланувчилар билан мана, Ички ишлар бошқармасининг иккита юристига… Гувоҳлар ким? Ўша ички ишларнинг ходимлари. Уларга таъсир ўтказишяпти. Кейин ўтган галда мен айтдимки, “буларнинг ҳам нимаси текширилсин, адолатли бўлсин”, деган гапимга… У ерда кўришингиз мумкин, мен бировни ҳақорат қилмадим.

— Сиз судда бақир-чақир қилиб, кимнидир ҳақорат қилдингизми?

— Йўқ. Сизга ҳозир қайси оҳангда гапираётган бўлсам… Кўрсин, Олий суд кўрсин ўша камера ёзувини. Мен суд раисига айтдимки, “адолатли бўлинг”. Ишонасизми, у ерда худди мен жиноятчига ўхшайман, худди менга… У ерда ҳаттоки ҳақорат қилиш ҳолатлари бўляпти. Унга мен реакция билдирсам, гап эшитяпман яна.

Бу ҳолатлардан норози бўлиб судга раддия бердик. Раддиямиз, табиийки, рад этилди. Қаранг-да, мана, суд ёпиқ қилинса, оммавий ахборот воситаси кирмаса, адвокатлар ҳаттоки телефонни битта жойга жамлаб қўйиши керак бўлса… Жамлаб қўйиляпти адвокатларнинг телефони. Биз бирор нима деб эътироз қилишга ҳаққимиз бўлмаса… Билмадим, балки мен суд тартибини тушунмаётгандирман. Лекин ёпиқ қилишдан мақсад нима?

— Ёпиқ бўлишини ўзи ким сўраган?

— Қарши томон сўраяпти. Ички ишлар ходимлари, Фурқат тумани ички ишлар ходимлари. Улар сўраяпти. Уларнинг адвокати сўраяпти. Асоси борми? Уларнинг шаъни учун ёпилиши керак экан.

Мен савол берсам, у ёқдан бу ёққа олиб қочади гувоҳлар. Кейин “эслолмаяпсизми?” деб туриб, “ҳа, эслолмаяпти экан”. Мен буни исбот қилиб бера оламан, кимга айтган, қайси вақтда айтган, нима деган – буни мен исбот қилиб бера оламан. Лекин судни агар Олий судга олинмаса, гувоҳлар фарғоналик, судланувчилар фарғоналик, жабрланувчилар фарғоналикмиз. Мен шу иш жараёнида, мана, генералимиз ўша генерал, Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи, ўша прокурор. Суд, суд Фарғонада бўляпти. Босим бўлиши мумкин. Чунки кўп ҳоллар, мана, ёпиқ суд мажлисидаги кўп ҳолатлар менда шубҳа уйғотяпти. Кейин айтяпман, камера ёзувларидан кўринг, булар гап ўргатиб турибди. Менинг ҳатто шунга ҳам эътироз қилишга ҳаққим йўқ экан.

Мен бақир-чақир ҳам қилганим йўқ, ҳақорат ҳам қилганим йўқ. Шу энди судда сўраган нарсам – адолатли бўлинг. Уларнинг адвокатига ҳам эътироз қилинг. Менинг адвокатларим савол бераётиб чалғиб кетяпти савол беришга. Чунки мана, ҳозир сиз мени эшитганингиз учун гапира оляпман.

— Мен ўзим кўрдим, деярли у ерда ҳаммаси ички ишлар ходими, улар ҳам юрист-да, 10 та юристга қарши чиқяпсиз-да ҳозир.

— Ҳа, шундай. Битта қизиқ жиҳати, ички ишлардан ҳайдалиб кетиб, айблов эълон қилинган, судланган одамни Ички ишлар бошқармасининг иккита юристи ҳимоя қиляпти.

— Ҳозир ишламайди.

— Ҳозир ишламайди, ишдан кетган. Кейин бўйнига олтита модда билан айблов қўйиляпти. Юристлар бемалол кўрсангиз, бир-бирлари билан гаплашиб, маслаҳатлашиб у ерда…

— Яна гапларингиз борми?

— Бор. Мана айтишяптики, “нимага бирданига интернетга чиқяпти бу?” Йўқ, мен бирданига интернетга чиқмадим. Мен, мисол, туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилдим. Ундан кейин вилоят прокурорига бордим ёрдам сўраб. Ундан кейин генерал билан кўришганман. “Мана, кўринг, қайси ходимларингиз қайси аёлни бадном қилиб юборганини кўринг”, деб бордим. Апрел ойида бўлган-да у воқеа.

Бир журналист аёл айтяптики: "Буларга қарши чиқманг, сизни ўлдириб юборишади шу кетишингиз бўлса. Сиз қайтинг, тўхтанг", деяпти. Йўқ, тўхтамайман. Мана шу камераларингизга қараб шу гапни айтиб олай. Ҳали яна бу имконият менда бўладими-йўқми, билмайман. Чунки суднинг кетишидан, ҳозир мен худди айбланиш учун ҳаракатда бўлаётгандай бўляпти деб тахмин қиляпман.

Ўша айтяптики, ўлдириб юборишади деяпти. Руҳи ўлган одам жисми ўлишидан ҳеч қачон қўрқмайди. Мен бу жисмим ўлишидан ҳеч қачон қўрқмайман. Мен курашаётган бўлсам, мендан бошқа бирорта аёл шунақа таҳқирланмасин деб курашяпман.

Тўхтамайман. Ўша Олий судга олишса, ўшанда адолатли бўлади деб ўйлайман. Ҳеч кимнинг кучи етмайди деб ўйлаяпман. Яна билмадим. Шунинг учун Саида Шавкатовнадан ёрдам сўраяпман. Илтимос, Саида Шавкатовна, мана шу видеони кўрсангиз, ёрдам беринг. Сизларга қанақа маълумот боряпти, билмайман. Ҳеч қачон ўзининг ходимидан сизга бирор нима деб салбий маълумотни айтишмайди”.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Олий суд билан боғланди. “7 ноябр куни ўтказилган суд мажлисида жабрланувчи Г.Қосимова суд мажлисини ўтказиш тартибини бузгани сабаб қонунчиликда белгиланган тартибда қонуний чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган бўлса-да, огоҳлантириш таъсир қилмасдан, такроран суд мажлисида тартибни бузиб, раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмасдан ва судни беҳурмат қилгани сабабли (асос: Жиноят-процессуал кодексининг 272-моддаси) суднинг ажримига асосан 2025 йил 7 ноябр куни ўтказилган суд мажлисидан (шу кунги) чиқариб юборилди”, дейилади маҳкама матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг Kun.uz’га берган изоҳида.

Обидовнинг қўшимча қилишича, кейинги суд мажлиси 12 ноябр куни соат 10:00 да ўтказилиши белгиланган ва эндиликда суд жараёни очиқ тарзда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради. Ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Омбудсман Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликдан озод этилганини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилишини сўраган.  

Аввалги суд мажлисида кўрсатма берган Фурқат туман солиқ инспекцияси собиқ бошлиғи, иш бўйича жабрланувчилардан бири бўлган Қурбонали Абдураҳмонов ўзи билан бир вақтда ишлаган туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев унга милиция ходимлари кунига 20 та телевизор олиб берасан деган топшириқ берганини, у рад этганидан сўнг ИИБ бошлиғи “ИИБга қарши чиқиш қандай бўлишини кўрсатиб қўйиш” билан таҳдид қилганини эслаганди.

22 октябр куни ўтган суд мажлисида эса гувоҳ тариқасида чақирилган ИИБ ходимлари Ғайрат Отақулов ва Юсуф Ёқубов судга келмагани боис судланувчилар Акмал Хўжаев (собиқ ИИБ бошлиғи) ва Жасур Расулов (ИИБ бошлиғининг собиқ ўринбосари) гувоҳлар эшитилмай туриб кўрсатма бермасликларини айтганди.

24 октябр куни Фурқат тумани ИИБ мансабдорлари устидан навбатдаги суд мажлисида жабрланувчи аёл ечинтирилгани айтилаётган “тезкор тадбир” иштирокчиси бўлмиш ИИБ тезкор ходими Юсуфбек Ёқубов сўроқ қилинган ва “давлат сири” деган важ билан судда ОАВ иштироки чеклаб қўйилганди.

Kun.uz