Биз, имзоловчи фуқаролик жамияти ташкилотлари, Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкини (ЕТТБ) “Индорама Агро” корхонаси томонидан Ўзбекистонда ишчилар ва жамоаларга етказилган жиддий зарарларни зудлик билан бартараф этиш ва аниқ чоралар кўришга чақирамиз. “Индорама Агро” — Ўзбекистонда пахта етиштирувчи компания бўлиб, ушбу икки муассасадан 130 миллион доллар миқдорида молиявий кўмак олган.
Учинчи томон меҳнат кузатувлари ва мустақил мониторинг натижалари “Индорама Агро” томонидан меҳнат ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилишини, жумладан, маошларнинг тўланмаслиги, шартнома шартларига риоя қилинмаслиги, касаба уюшмаси фаолиятига ҳалал бериш, ходимлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши таъқиблар ҳамда самарали шикоятларни кўриб чиқиш механизмининг йўқлигини тасдиқлайди.
“Индорама Агро” ишчиларнинг ҳуқуқларини доимий равишда поймол қилиб, ноаниқ меҳнат шароитлари орқали уларнинг ночорлигидан фойдаланиб келган. Ишчиларнинг 400 нафари “хизмат кўрсатувчи” сифатида нотўғри таснифланиб, уларни касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ва меҳнат қонунчилиги бўйича кафолатлардан маҳрум қилган. Ҳуқуқ фаолларининг ҳужжатлаштиришига кўра, мажбурий меҳнатнинг яққол кўрсаткичи бўлган - меҳнаткашлар шартномалари янгиланмаслик таҳдиди остида ҳақ тўланмайдиган ишга мажбурлангани ҳақида кўплаб ҳолатлар аниқланган.
Бундан ташқари, ҳукумат расмийлари ва “Индорама Агро” вакиллари муаммоларни кўтараётган ишчиларнинг оғзини ёпиш мақсадида уларни тазйиқ ва тажовузга дучор қилган. Фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бергани ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорлик қилгани учун меҳнаткашларга нисбатан маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқ тартибот органлари, хавфсизлик хизмати ва компания вакиллари томонидан таҳдидли қўнғироқлар ва ташрифларга дучор бўлган 80 тадан ортиқ ҳолатни қайд этди.
Меҳнат ҳуқуқлари бузилишидан ташқари, лойиҳа 10 000 нафарга яқин фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишчиларига тегишли ерларни товон пул тўловисиз, уларни олдиндан хабардор қилмасдан ёки тегишли розилигини олмасдан тортиб олиниши натижасида иқтисодий йўқотишларга олиб келди. “Indorama Agro” корхонаси уларнинг тирикчилик манбаларини тиклаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошира олмагани минглаб одамларни ер ва даромаддан маҳрум қилди.
2025 йил январь ойида Халқаро молия корпорацияси (IFC) фуқаролик жамияти ташкилотларини хабардор қилишига кўра, “Indorama Agro” корхонаси ҳар икки кредиторга ҳам қарзларини олдиндан тўлаб, лойиҳани муддатидан олдин тарк этган. Бу билан жиддий меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид муаммолар ечимсиз қолмоқда.
Лойиҳага кредит ажратишдан аввал ЕТТБ ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) ҳужжатларида лойиҳа билан боғлиқ хавф-хатарлар тан олинган бўлса-да, уларни самарали бартараф этмади. Фуқаролик жамияти ташкилотлари томонидан тўрт йил давомида “Indorama Agro” корхонасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида бир неча маротаба хабар берилганига қарамай, кредиторлар ўз мижозларининг экологик ва ижтимоий хавфсизлик чораларига риоя қилишини таъминламасдан, молиялаштиришни давом эттирди.
Муаммоларни ҳал қилиш механизми, мустақил касаба уюшмалари ва жамоатчилик мониторинги йўқлиги сабабли минглаб жабрланган ишчилар ва фермерлар ҳозирда адолат таъминланмаган муҳитда ёрдамсиз, овозсиз ва ҳимоясиз қолмоқда.
Шу боисдан биз, қуйидаги шошилинч чора-тадбирларни амалга ошириш учун IFC ва ЕТТБга мурожаат қиламиз:
· Ерлари мусодара қилинган фермерларнинг даромадини тиклаш дастурини ташкил этиш.
· Агар “Indorama Agro” корхонаси бажармаса, унинг глобал ҳамкорликларидан фойдаланиш ёки ишчи компенсация фонди яратиш орқали ишчиларга тўланмаган маош ва мукофот маблағлари тўланишини таъминлаш.
· Меҳнат ҳуқуқларига оид баҳолаш натижалари бўйича тўлиқ ижро этиш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни таъминлаш.
· Ишчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан тазйиқларга жавобгарликни таъминлаш.
· Лойиҳадан жабрланган ишчилар учун меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат шароитлари бўйича қарор қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этишлари учун зарур кўникма салоҳиятини ошириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.
· Лойиҳанинг экологик ва ижтимоий таъсирларини мустақил баҳолаш ва унинг натижаларини эълон қилиш.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК) глобал миқёсда “Indorama” ва Ўзбекистон ҳукумати билан ўз таъсир доирасини ишга солиб, кўрилган зарарни қоплаш, яшаш манбаи йўқотилишининг олдини олиш ва фермерлар ҳамда ишчиларнинг қўрқувдан ҳоли тарздаги меҳнат шароитларини яхшилаш имкониятини яратиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак.
Буни амалга оширмаслик минглаб инсонларни адолатдан маҳрум қилиш билан бирга, ҳар икки институтнинг меҳнат эксплуатациясига шароит яратиб берувчи сифатида кўрилишига олиб келади ва зўравон томонларни лойиҳалардан жазосиз ҳолда тезда чиқиб кетишга руҳлантиради. Бу ҳолат ривожлантирувчи молиявий институтлар инсон ҳуқуқларидан кўра корпоратив манфаатларни устун қўяди деган иддаони юзага келтиради ва бу каби тушунчага йўл қўйиб бўлмайди.
Бир ишчининг таъкидлашича: “Бу хабар (ЕТТБ ва ХМКнинг чиқиб кетиши) менга жуда ёмон таъсир қилди. Бу жуда оғриқли. Биз нимадир ўзгаришини умид қилгандик. Афсуски, улар бизларни ишдан бўшатди. Компания биздан ўғирланган пуллар билан ўз қарзларини тўлаяпти.”
Биз адолат қидираётган жабрланганлар билан бирдаммиз ва инвестициялари ортидан зарар кўрганлар учун ЕТТБ ва ХМКни жавобгарликка тортиш учун курашни давом эттирамиз.